Фаолият ва хизматлари
Сулаймон Ҳилми Тунахон 1919 йили мадрасани битиргач, 1920 йил 1 Июньдан эътиборан “Дарс-и Ом” (олий даражадаги умумий мударрис, мутахассис) вазифасига бошлайди. 1922 йили “Дор-ул Хилофат-ил Олия” мадрасасининг “Ибтидо-и Хориж” бўлимидаги биринчи босқичига Турк тили мударриси бўлиб тайин этилади. 1923 йилнинг бошларида Араб тили граммматикаси мударриси, кейин эса такрор, Турк тили мударриси ўлароқ фаолиятларига давом этади.
1922 йили 1 Ноябрь санасида Усмоний давлатининг инқирозга юз тутганлиги эълон қилинади. Кейинчалик 1924 йилнинг 3 Мартида қабул қилинган “Тавҳид-и тадрисот тўғрисидаги” (ягона таълим тизими) қонунга мувофиқ мадрасалар, аввал Маориф таълим вазирлигига ўтказилади. Қисқа вақтдан кейин батамом фаолиятдан тўхтатилади.
Фаолият юритаётган “Ибтидо-и Хориж” мадрасаси “Имом Хатиб” мактабларига айлантирилгандан кейин Сулаймон Ҳилми Тунахон, ўша даврнинг шартлари ва қўлланилаётган сиёсат туфайли, эндиликда бу ерда етарли диний таълим бера олиш имконияти бўлмагани учун, ўз ҳохиш истаги билан, “Дарс-и Ом” унвонини сақлаб қолган ҳолда истеъфога чиқади.
“Тавҳид-и тадрисот” қонуни туфайли мударрислар ишсиз бўлиб қолади. Сулаймон Ҳилми Тунахон, ўзи ҳам аъзоси ҳисобланган “Мударрислар жамиятида” 520 га яқин Истанбул мударрисларига “рўй бераётган ўзгаришлар диний илмларнинг унитилиб кетишига сабаб бўлишини” – таъкидлаб шундай дейди:
“Эй, Дарс-и Ом – мударрислар! Сизлар, бугун шу ватан учун динни таъминлаб берувчи шахсларсизлар. Ҳар бирингиз, икки-уч кишига бўлса ҳам диний таълим берсангиз, камида эллик йилга, ҳатто бир-икки авлодга Исломнинг умрини узатган бўласиз. Акс ҳолда, қиёмат куни Аллоҳ Таолонинг ҳузурида масъулиятдан қутила олмайсизлар!”
Фақат мударрислар: “Энди бу ёғига, домлаликда бизлар учун “нон” йўқ. Бошқа касб-ҳунарлар билан шуғулланамиз” – дедилар. Сулаймон Ҳилми Тунахон уларга қарата:
“Жаноблар! Устозлик бир касб эмас, тирикчилик учун воситаси ҳам эмас. Устозлик – Аллоҳ Таолонинг, Пайғамбарининг, Китобуллоҳнинг ва Ислом динининг хизматкори бўлишдир” – дея жавоб беради.
Шундай қилиб Сулаймон Ҳилми Тунахон, баъзи мударрисларни биргаликда ҳукумат раҳбариятига, қуйидаги мактубни ёзишга кўндирди.
“Биз қуйида исм ва имзолари мавжуд бўлган “Дарс-и Ом” – мударрислар, ҳукуматимизнинг “Ҳарб-и умумий” (умумий уруш ҳолати) деган буюк фалокатдан яқиндагина халос бўлганлиги сабабли, молиявий оғир аҳволда эканлигини инобатга олган ҳолда, диний ва исломий илмларни, ўз истагимиз билан маош талаб қилмаган ҳолда, ўқитишга тайёр эканлигимизни билдирамиз”
Фақат ушбу талабларига:
“Мамлакатимизда “Тавҳид-и тадрисот тўғрисидаги” (ягона таълим тизими) қонуни кучга кирган. Ушбу қонунга хилоф равишда ҳаракат қилувчилар жазога тортилади” – деган жавоб хатини олишади.
1926-йили охирги марта Фарҳодлар қишлоғига боради ва у ерда қирқ кун қолгандан кейин такрор Истамбулга қайтади. Орадан икки йил ўтгач отаси Усмон Афанди вафот этади.
Ўша даврларнинг жуда қийин ва ўта оғир шароитларига қарамасдан Ислом динининг равнақи учун ғайрат кўрсатган Сулаймон Ҳилми Тунахон у замонлар ҳақида шундай дейди:
“Бир пайтлар, давлат маъмурлари маоши миқдорида пул тўлаб бўлса ҳам, талаба ўқитишни ҳоҳладим лекин, талаба топа олмадим. Топган кишиларим ҳам пулни олгач, жуфтакни ростлаб қолар эди, чунки инсонлар, диний илмларни ўрганишдан хавфсирар эди. Бир кун келиб бу илмлар ер юзидан унитилиб кетишидан жуда ҳавотирландим. Аллоҳ Таоло кейинчалик турли сабаб ва имкониятлар яратди, диний илмларни ўқитиш имкони пайдо бўлди. Аввал кексалардан бошладик, ёшлар кейинроқ келди. Мана ҳозирда давом этмоқдалар. Буларнинг барчаси Аллоҳ Таолонинг лутф ва карамидир”
У кунларда полиция кузатуви остида бўлган Сулаймон Ҳилми Тунахон 1930 йилларда талаба ўқитиш мақсадида, Истамбулнинг чеккасидаги Чаталжа тумани, Қабоқча қишлоғидан бир хўжаликни ижарага олади. Бир ҳамкори билан биргаликда, красин мойи сотувчи ширкатнинг Тракия вилоятидаги сотувчилик ҳуқуқини ҳам сотиб олади. Ижарага олинган хўжаликда, ишчиларидан баъзиларини танлаб олиб, уларга диний таълим беради. Бу ҳолат жандармлар тарафидан фарқ этилгач, шу атрофда жойлашган “Қушқояси” деб аталувчи чўққига келиб жойлашади. Кейинроқ эса, диний таълим бериш фаолиятларига, Силиври туманида Эман дарахтидан кўмир ишлаб чиқариш учун ижарага олган ўрмон хўжалигининг ҳоли жойларида давом этади.
Бу фаолиятлари ҳам ошкор бўлгач, 1933 йили жанубий вилоятлар томон йўл олади. “Тўрўслар” тоғининг яйловларида, ижарага олган “Сутни қайта ишлаб чиқариш” кичик корхоналарида талаба ўқитишга давом этади. Шаҳарлар орасида қатнайдиган поезд вагонларда таълим фаолиятларини юритади. Талаба бўлмаган пайтларда икки қизини ўқитиб ижозат беради.
Сулаймон Ҳилми Тунахон ушбу фаолиятлари билан биргаликда, Истамбулда “Дўғончилар”, “Азиз Маҳмуд Худойи”, “Ёғқапони”, “Сўфто Хатиб”, “Уч меҳробли”, “Қосим Пошо Жомеъи кабир”, “Пиёла Пошо”, “Оға жомеъси”, “Араб жомеъси”, “Арпачилар жомеъси”, “Осмали масжид”, “Қисиқли жомеъси” каби нисбатан кичик жомеъларда ва “Шаҳзодабоши”, “Лолалик”, “Фотиҳ”, “Сулаймония”, “Султон Аҳмад”, “Баёзид”, “Янги жомеъ” каби буюк жомеъларда ваъз ва насиҳат фаолиятларини олиб боради.
Сулаймон Ҳилми Тунахон ушбу хизматлари билан бирга, асосий вазифаси талаба ўқитиш хизматини жомеъ ва масжидларнинг хоналарида, уйларда, кўп қаватли биноларнинг ер тўлаларида давом этади. Талабалари орасида, ёшу-қари, турли касб ва ҳунар эгалари мавжуд эди.
Ваъз ва насиҳатларининг таъсирчанлигидан қолаверса аҳли суннат вал жамоат ақидасига бўлган ихлоси натижасида кенг қамровдаги халқ тарафидан буюк муҳаббат қозонган Сулаймон Сулаймон Ҳилми Тунахон 1950 йиллардан кейин ўртага чиқа бошлаган баъзи имкониятлардан унумли фойдаланади. Ихлосмандлари орасидаги баъзи бадавлат кишиларнинг ёрдамлари билан фаолиятларини янада ривожлантиради.
Ва ниҳоят 1951 йили, бир тадбиркорнинг Ускудар тумани, Чамлижа маҳалласидаги эски уйининг биринчи қаватида, йигирма бешга яқин талабалар билан, ётоқҳона ва бошқа шароитлари мавжуд бўлган илк “Қуръон Курсини” очади. Кейинги йилларда ўз уйида, Чамлижа маҳалласи ва унинг атрофида ижарага олган бошқа уйларда, Азиз Маҳмуд Худойи чиллахонасининг ёнида жойлашган бир бинода дарс халқаларини ташкил қилади. Бу йилларда Истамбулнинг Оврупо тарафидаги, “Шаҳзодабоши” ва Вафо туманидаги “Тоштакналар” (Мулла Хусрав) жомеъларида аввало имом ва муаззин ҳамда бошқа келган барча талабаларига диний дарслар беради.
Сулаймон Ҳилми Тунахон авваллари мадрасаларда йиллар давомида ўқитилиб келинган дарсликларни, даврнинг шароит ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, қисқа вақт ичида пухта ўргатар эди. Қисқа вақт ичида бу дарсликларни ўқитиб бўлмаслигини айтиб, танқид қилувчиларга:
“Жаноблар! Уммати Муҳаммаднинг фарзандлари, сел каби дўзах томон оқиб борар экан, уммат бу дарсликларни беш-ўн йиллаб ўқитишни кута оладими? Биз талабаларимизга бу илмларнинг калитларини берамиз. Улар, бу калитлар билан китоб ва кутубхоналарнинг қулфларини, ўзлари очадилар” – деб жавоб берардилар.
Сулаймон Ҳилми Тунахон дарсларга аввало Қуръони Карим ва Илмиҳол илмларини ўргатишдан бошлар эди. Сўнгра сарф илмига оид Амсила, Бино, Мақсуд; наҳив илмидан Авомил, Изҳор, Кофия, Шарҳи Мулла китобларини; калом илмидан Ақоиди Насафий ва Амолий қасидасини; фиқҳ илмидан Нур-ул Изоҳ, Қудурий; усули фиқҳ илмидан Мухтасар-ул Манар; мантиқ илмидан Исағужий; илми баён ва бадиъдан Алоқа рисоласи ва Талхис-ул Мифтаҳ каби арабча асарларни ўқитарди. Юқори даражада дарслар ўқитиладиган “Такамул” талабаларига, ақоид илмига доир Саъдиддин Тафтазонийнинг Шарҳ ул-Ақоид китобини, фиқҳ илмидан Мулла Хусравнинг Дурар-ул Ҳукком ва усули фиқҳ илмига доир Миръат-ул Усул китобларини, мантиқ илмидан эса Али Қазвийнининг қаламига мансуб Шамсия асарини ўқитар эди. Имконият ва шароитларга қараб, фароиз, тафсир, ҳадис, усули ҳадис, ислом тарихи ва форс тилига доир асар ва рисолалар ўқитиб, талабаларига ижозат берар эди. Талабаларига дин илмлари билан бирга астрономия ва тиббиётга алоқадор маълумотлар ҳам ўргатар, уларни рўй бераётган турли тараққиёт ахборотларидан хабардор қилар эди.
Ўқитган талабаларини, диний хизматлар учун турли вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқларига жўнатиб, дарс халқаларини давомли кенггайтириб борар эди. Хусусан, талабаларини Рамазон ойларида, Онадўли ва Тракиянинг турли шаҳар ва қишлоқларига юборарди.
Бир тарафдан ўқитган талабаларини расмий эълон қилинган имтиҳонларга юбориб, кўпчилигининг муфтий, воиз, имом ва Қуръон курси устозлари бўлиб хизмат этишлари учин имкониятлар яратар эди. Талабаларини фақатгина илмий ва маънавий тарбиси билан чекланиб қолмай, еб-ичиши, кийим-кечаги, соғлик-саломатликлари каби масалалари билан ҳам яқиндан алоқадор бўлар эди.
Сулаймон Ҳилми Тунахон ваъзу насиҳат, таълим ва тадрис фаолиятлари давомида кўп бора полиция таъқиб ва назоратига учрайди. Баъзи пайитларда, Истамбул полициянинг жуда ночор ва оғир шароитлари туфайли аҳоли орасида “Тобут” деб аталувчи назоратхонасида, оғир қийноқларга дучор бўлади.
1956 йили бир ваъзларида «Жазоирлик мусулмонларга ёрдам беролмаяпмиз. Ҳеч бўлмаса дуоларимиз билан ёрдам берайлик» – деганлиги учин жавобгарликка тортилади.
1957 йили Кутаҳиё вилоятининг Тавшонлик туманида истиқомат қилувчи бир киши шериклари билан биргаликта Бурса шаҳридаги Улужомъе масжидида ўзини “Маҳди” деп эълон қилади. Сулаймон Ҳилми Тунахонни бу воқеага алоқадор деб Кутаҳиё ички ишлар бошқармасида тергов қилингандан кейин, 69 ёшида ҳибсга олинади ва орадан 59 кун ўтиб судга чиқарилади. Авваллари бўлганидек бу воқеанинг бўҳтон эканлиги ва гувоҳларнинг ёлғонлари ўртага чиққандан кейин, 1957 йили 29 Август санасида кафиллик билан озод этилади ва 1957 йили 8 Ноябрь санасида тўлиқ оқланади.
Сулаймон Ҳилми Тунахон эзгу ва олий хизматлар билан ўтказган ҳаёти давомида, жуда оғир қийинчиликлар, турли туҳматлар ва қийноқларга дуч келади.